Шеробод тумани ҳокимлиги
Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни иқтисодий судларда кўриб чиқишнинг ўзига хос жиҳатлари.

Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни иқтисодий судларда кўриб чиқишнинг ўзига хос жиҳатлари.

 

         Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кредит шартномалари муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб,  Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг
744-моддасига кўра кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

         Биламизки, кредит шартномалари банклар ёки молиявий ташкилотлар томонидан мижозларга белгиланган шартлар асосида пул маблағлари тақдим этилишини тартибга солади. Ушбу шартномаларнинг ҳуқуқий асослари ва уларни иқтисодий судларда кўриб чиқиш жараёнлари бир қатор ўзига хос жиҳатларни ўз ичига олади.

         Маълумки, иқтисодий судлар, асосан, юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасидаги молиявий мажбуриятлар билан боғлиқ низоларни кўриб чиқади. Кредит шартномалари билан боғлиқ масалаларда судлар энг аввало шартнома шартларини бажарилиш ҳолатини яъни суд кредит берувчининг ёки қарздорнинг шартнома шартларини қанчалик бажаришини таҳлил қилиши, пеня ва жарималарга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш ҳолатини, агар қарз ўз вақтида қайтарилмаса, шартномада белгиланган фоизлар ҳамда жарималарнинг қонунийлиги ва миқдори суд томонидан ўрганиш орқали аниқланиши лозим бўлади.

         Суд низони ҳал қилишда томонлар ўртасидаги мувозанатни таъминлашга ҳаракат қилади.

         Кредит шартномаларининг бошқа шартномалардан фарқли жиҳатлари шундан иборатки, биринчи навбатда кредит шартномалари пул маблағлари билан боғлиқ бўлишини қайд этиш жоиз. Кредит шартномалари фақат молиявий мажбуриятлар асосида тузилади, бошқа шартномаларда эса мулк, хизмат ёки бошқа мажбуриятлар иштирок этишини кўришимиз мумкин. Кейинги босқичларда фоизларнинг мавжудлигини келтириб ўтиш мумкин, сабаби кредит шартномаларида, одатда, қарз учун фоизлар белгиланган бўлади, бу эса бошқа шартномаларда кўпгина ҳолларда учрамайди. Кредит шартномаларидаги энг муҳим жиҳатлардан бири муддат ва қайтариш шартининг мавжудлиги бошқа шартномалардан уни ажратиб туради. Кредит шартномалари белгиланган муддат ичида қарз маблағларини қайтаришни талаб қилади. Кредит шартномаларида мавжуд бўлган яна бир талаблардан бири ипотека ёки гаровнинг мажбурийлиги ҳисобланади. Бу эса кредитор учун кредит маблағларини қарз олувчидан ундириб олиш учун муҳим восита сифатида баҳоланади.

         Амалиёт билан уйғунлаштирилганда, кредит шартномалари юзасидан Шеробод туманлараро иқтисодий суди томонидан 2024 йилда жами 286 та иш мазмунан кўриб чиқилган бўлиб, мазкур низоларнинг аксарияти кредит суммасини гаровдаги мол-мулкка қаратиш, тижорат кредити юзасидан мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаганлиги учун кредит асосий қарздорлигини, муддати ўтган кредит қарздорлигини, унга ҳисобланган банк фоизини ундириш, ундирувни гаров мулкига қаратиш, ундирувни кафилдан солидар тартибда ундиришга, шунингдек, кредит шартномаларнинг айрим бандларини ёки кредит шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги, кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳақидаги низолар судга тақдим этилганлигини кўришимиз мумкин.

         Кредит шартномалари иқтисодий фаолиятда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, уларнинг низоларини иқтисодий судларда кўриб чиқиш аниқ қонунчилик асосида амалга оширилади. Бу жараён томонлар ўртасидаги ҳуқуқий мувозанатни сақлашни таъминлашга қаратилган. Шунинг учун ҳам Шеробод туманлараро иқтисодий суди томонидан бундай турдаги низоларнинг 225 таси қарийб 78,67 % ининг қаноатлантирилганлиги шартнома тарафларининг энг аввало кредит шартномаси шартларини тузишда ва бажаришда томонларнинг масъулиятли бўлиши зарурлигини англатади.      
         Шу ўринда кредит шартномасини расмийлаштиришда томонлар шартнома шартларини тўлиқ тушунмасдан имзоламаслиги, ҳар икки томон, айниқса қарздор, шартнома шартларини диққат билан ўқиб чиқиши ва улардаги мажбуриятларни тўлиқ тушуниб олишлари, қарздорларга молиявий аҳволини таҳлил қилиш ва қайта кўриб чиқишни, шартнома шартларига риоя қилмаслик жарималар ва пеняларнинг кўпайишига олиб келишини инобатга олишларини, аксарият қарздорлар ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаганлиги оқибатида ҳуқуқшунослар, юристлардан маслаҳат олган ҳолда шартнома тузишлари лозимлигини, томонларга шартномавий мажбуриятларга риоя қилишнинг ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатларини тўлиқ тушуниб етишлари кераклигини, бу эса улар ўртасидаги ишончни сақлаш учун ҳам, қонунчиликни бузмаслик учун ҳам муҳим ҳисобланишини таъкидлаш ўринлидир.        
         Хабарингиз бор, суд жараёни ҳар икки томон учун вақт ва ресурсларни талаб қилади. Шунинг учун қарздорларга низони судгача ҳал қилиш учун бор имкониятлардан (ўзаро муросага келиш, келишув битимини тузиш, медиация тартиб таомилларига риоя этиш каби) фойдаланиш тавсия этилади.

         Зеро, кредит шартномалари ўз вақтида бажарилиши ҳар икки томон манфаатларига хизмат қилади.

 

Шеробод туманлараро иқтисодий

суди судяси                                                                Т.Р.Жаббаров

 

 

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
  • Ҳозир сайтда
  • 9 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси