Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Шеробод туманидаги Килкон қишлоғида яшовчи Жасур Маҳмудов ва унинг қўшниси Иброҳим Раҳимов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўртасида қарз олди-бердиси боис бошланган оддий баҳс-мунозара пировардида катта можарога айланиши, оқибатда ўртадаги муносабатларга жиддий путур етишини улар ававалбошданоқ англай олишмади.
Оқибатда И.Раҳимов Ж.Маҳмудовга 2018 йилнинг октябрь ойида берган 5 миллион сўм миқдоридаги қарз орадан ярим йил ўтса ҳамки эгасига қайтмади. Қарздор пул эгасининг қатор талаб ва сўровларини оқибатсиз қолдирди. Пировардида эса, қарзни қайтариш мажбурияти зиммасида эканини очиқчасига инкор этиб қўя қолди.
Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тараф (қарз олувчи) га қарз шартномаси асосида пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса, уни берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча қийматдаги пул ёхуд ашёларнинг хили, сифати, миқдорига баравар мулк-бисот (қарз суммаси) ни қайтариб бериш мажбуриятини зиммасига олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган ва қабул қилиб олинган пайтдан эътиборан кучга киради.
Бироқ масаланинг бошқа бир эътиборли жиҳати ҳам бор. Ушбу кодекснинг 733-моддасида қайд этилишича, фуқаролар ўртасидаги қарз шартномаси, агар унинг ҳажми энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда, башарти, тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, унинг қийматидан қатъи назар, ёзма равишда тузилиши шарт.
Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя этмаслик ушбу кодекснинг 109-моддасида уқдирилганидек, унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, аммо низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганини гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Тарафлар битимнинг тузилгани, мазмуни ёки бажарилганини ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқлашга ҳақлидир.
Агар қарз олувчининг тилхати ёки қарз берувчи тарафидан муайян ҳажмдаги пул ёки ашёлар топширилганини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади. Қонун талабига мувофиқ, қарз олувчи унинг суммасини тегишли шартномада назарда тутилган муддатда ёки тартибда эгасига қайтариши шарт. Ушбу омил қарз берувчиларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Берилган пул ёки ашёларни қайтариш муддати шартномада белгиланмаган ҳолда, уни олувчи тараф берувчи шахснинг ушбу қарзни қайтаришга оид талабини шу ҳақда сўров олинган санадан эътиборан ўттиз кун ичида бажариши лозим.
Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, қарз муносабатларидан келиб чиқадиган барча ҳолатлар ва унинг ҳуқуқий ечимлари қонун ҳужжатларида муфассал белгилаб қўйилган. Чунончи, қарз олувчи пул ёки бошқа ашёларни берувчидан амалда олмагани ёки шартномада кўрсатилганидан кам миқдорда олганини исбот қилиб, мазкур ҳужжат юзасидан даволашиш ҳуқуқига эга. Ёзма шаклда тузилиши зарур бўлган қарз шартномаси бўйича гувоҳларнинг кўрсатмалари ёрдамида даволашиш эса, мумкин эмас. Қонун шартномани алдаш, зўрлик ишлатиш, таҳдид қилиш, тазйиқ ўтказиш йўли билан ёхуд қарз олувчининг вакили берувчи тараф билан ёмон ниятда келишиши оқибатида ёки қийин вазиятлар таъсирида тузишни қоралайди.
Қарз борасида баён этилгани сингари ҳуқуқий асослар юқорида исм-шарифи зикр қилинган фуқаролар ўртасида ҳам рўй бергани аниқланди. Маълум бўлишича, И.Раҳимов берилган қарзни музокара, муроса йўли билан ундиришнинг иложи қолмагани боис судга мурожаат қилган. Бу жараёнда қарз олувчи Ж. Маҳмудов ўзи келтирган далилларни тасдиқлай олмади. Тарозида эса, қарз берувчининг далил-исботлари тош босди. Суд унинг қонуний талабини қаноатлантирди. Қарздорлик бартараф қилинди.
Бундан кўринади-ки, қарз оқилона ва самарали фойдаланган ҳалол кишилар учун чиндан ҳам, қулай имконият. Турмушнинг пастқам, хатарли кўчаларидан софдиллик, ҳалоллик, поклик янглиғ инсоний фазилатларга қўл берган кишиларгина чиқиб кета олишади. Қарз масаласида эса, мудом бўш ваъда-ю, қуруқдан-қуруқ сўзлар, уни олиш ва беришга оид жим-жимадор «далил-исботлар»га эмас, балки қонунга, одамийлик мезонларига суянмоқ даркор.
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди раиси
З.Э.Мавлонов
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025