Медиация институтини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича бир қанча ҳуқуқшунос олимларнинг изланишлари ва таклифларини, шунингдек хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда қуйидаги таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди:
1 Қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар:
1.1.“Медиация тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида медиация тарафларининг ҳуқуқлари санаб ўтилган, лекин уларнинг мажбуриятлари келтирилмаган. Шу боисдан медиация тарафларининг мажбуриятлари сифатида қуйидагича ўзгартириш киритиш таклиф этилади: “медиация тарафлари ўз ўрталарида тузилган медиатив келишувни виждонан бажаришлари керак”.
1.2. “Медиация тўғрисида” ги қонуннинг 29-моддасидаги: “Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади” деган жумладаги “ихтиёрий равишда” сўзлари ўрнига “виждонан бажаришлари шарт” каби тушунчалар билан алмаштириш орқали ушбу қонуннинг 11-моддаси иккинчи қисми мазмунига мувофиқлаштириш.
1.3. Шунингдек, “Медиация тўғрисида”ги қонунга кўра: медиатор низо юзасидан ўзаро мақбул келишувга эришишга тарафларни ишонтиришнинг қонуний воситалари ва усулларидан фойдаланишидан келиб чиққан ҳолда медиация иштирокчилари сафига: “гувоҳ”, “мутахассис”, “эксперт”, “учинчи шахслар”ларни киритиш ва қонун билан уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш.
1.4. Медиациянинг асосий принципларидан бири бўлган махфийлик принципини инобатга олган олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-протсессуал кодекси 115-моддасига “медиация иштирокчилари ўзларига медиация жараёнида маълум бўлиб қолган ҳолатлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги” 4-банд сифатида киритиш таклиф этилади.
1.5. Профессионал медиаторларга нисбатан қуйидаги талаблар қуйилиши таклиф этилади: профессиоанал медиатор - ҳуқуқшунослик, психология, педагогика ва шу каби соҳалар бўйича олий маълумотга, медиаторлар учун стандартлар ва махсус ўқув курсларида ўқиган, ихтисослиги бўйича камида 5 йил иш стажига ва профессионал медиаторлар Рейестрига киритилган бўлишлари керак.
1.6. Медиатив келишувга эришганда рағбатлантирувчи нормаларни киритиш лозим. Судда тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига биноан ариза коʻрмасдан қолдирилади ва давлат божи қайтариб берилади. Лекин суд ҳужжатларини ижро этиш босқичида бундай рағбатлантирувчи норма мавжуд эмас. Агар тегишли қонунларга шундай нормалар киритилса, медиатив келишув тузиш учун фуқароларда қизиқиш катта бўлади. Шу сабабли ҳам “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартириш киритилиб, ихтиёрий ижро муддатида ижрони амалга оширмаган, лекин кейинчалик медиатив келишувга эришган қарздорга ижро муддати ўтганлиги сабабли қўлланиладиган жарима жазосидан озод қилувчи нормани киритиш лозим.
1.7. Давлат органларига келиб тушган низоли вазиятлар бўйича ушбу органларнинг томонларга медиатив келишувга эришиб низоларни ҳал қилиши самарали эканлиги ҳақидаги тушунтиришлар етарлича олиб борилмаяпти. Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 203-моддасида тарафлардан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш эҳтимолини аниқлайди ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтириши белгиланган. Шу сабабли ҳам судлар тарафларга медиатив келишувга эришишлари мумкинлиги ҳақида тушинтириб беришга мажбур. лекин, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунда бундай қоида белгилаб қўйилмаган. Шу сабабли “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 85-модда 2-қисмига қуйидагича қўшимча киритиш лозим: “давлат ижрочиси келишув битими ёки медиатив келишув тузиш эҳтимолини аниқлаш ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтириши шарт”. Агар давлат ижрочилари низолашувчи тарафларга медиатив келишувнинг афзалликлари ҳақида етарлича тушинтириш олиб борилганда бизнинг фикримизча уларнинг иш ҳажми анча камайган бўлар эди.
2 Ташкилий, тузилмавий ва тарғибот юзасидан таклифлар:
2.1. Бугунги кунда амалиётда низоларни ҳал қилишда медиация институтини кенг жалб этишнинг энг мақбул йўлларидан бири бу тарғибот ишларини кенг кўламда олиб борилишида деб ҳисоблаймиз. Бу институтнинг жорий қилинганлигига 4 йилга яқин ўтганлигига қарамасдан, шу кунга қадар ОАВда тўлиқ маълумот берилмаган. Сўровнома иштирокчиларининг 28,9% қисми медиация тўғрисида ҳеч қандай тушунчага эга эмаслигини келтириб ўтган бўлса, 16,1% қисми жавоб беришга қийналиши, 55 % қисми эса маълум тушунчага эга эканлигини келтириб ўтган. Бу тўғрисида маълумотга эга шахслар ҳам ундан фойдаланишдан чоʻчишади, сабаби жамоатчиликнинг ушбу янги юридик институтга ишончи ҳали шаклланмаган. Шу сабабли ОАВ воситаларида кенг миқёсда тарғибот ташвиқот ишларини, яъни медиатив келишувнинг ижобий томонларини очиб берувчи видеоролик тайёрланиши ҳамда бу видеоролик орқали низо келиб чиққан тарафларнинг онгида медиацияга бўлган ишончни орттириш лозим. Ушбу тадбирлар маҳаллий телевидение, радио, газета ва интернет нашрларида кенг ёритилиши лозим.
2.2. Медиаторларнинг бирор бир жамияти ёки ташкилотининг шаклланмаганлиги ушбу соҳанинг янада ривожланишига тўсқинлик қилаётган сабаблардан бири ҳисобланади. АҚШда медиаторлар учун бир нечта профессионал ташкилотлар мавжуд: масалан Ушбу гуруҳларга Америка Ҳакамлик Ассоциацияси, Федерал медиация ва ярашиш хизмати, Миллат медиация Кенгаши, Фуқаролик медиация Кенгаши, Ҳакамлик судлари институти, АҚШ Тинчлик институти, Суд ҳакамлик ва медиациялар ташкилотлари киради. Бундан ташқари, медиатор исталган штатда лицензиясиз, сертификатланмаган ёки рўйхатга олинмасдан шахсий шароитларда ишлаши мумкин. Медиаторларни сертификатлаш, шунингдек, сертификатланган медиаторларнинг Миллий Ассоциацияси каби дастурлар орқали онлайн тарзда олиниши мумкин. Медиаторлар ташкилотлари нодавлат ташкилот бўлиши, медиаторларнинг ўзини ўзи тартибга солувчи жамоат ташкилотлари, бирлашмалар ёки нотижорат шериклик шаклида ташкил этилиши лозим. Юқорида келтирилган фикрларга асосланиб, Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонунига 141-модда (Медиаторлар ташкилоти) ҳамда 142-модда (Медиаторлар ташкилоти функциялари) сифатида қўшимчалар киритиш лозим деб ҳисоблаймиз.
2.3. “Медиация тўғрисида”ги қонунга Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ ҳар қандай медиация маркази медиаторларни тайёрлаш ва сертификатлаш билан шуғулланиши мумкинлиги тўғрисида ўзгартириш киритиб, медиаторларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича хусусий марказлар яратиш таклиф этилади.
2.4. Медиаторнинг қанча муддат ичида аттестациядан ўтиши кераклиги, медиаторлик фаолиятини олиб боришда қўшимча ўқув курсларини ўқиши, мунтазам малакасини ошириб бориши бўйича қоидалар ўрнатилиши таклиф этилади.
2.5. Медиация бўйича мукаммал электрон маълумот базасини яратиш керак. Биз таклиф киритаётган мукаммал электрон маълумот базасида ижро материаллари кўриб чиқиш босқичида медиациядан фойдаланиш бўйича маълумот материаллари, таҳлилий маълумотномалар жойлаштирилади. Бу давлат ижрочиларига бутун тажрибани тўплашга имкон беради. Бундан ташқари, бу базада мавжуд бўлган барча медиаторлар ва улар ҳақида тегишли маълумотлар бўлиши лозим. Сабаби, медиатив келишув тарафларида танлов имконияти бўлиши лозим.
Шеробод тумани Адлия болими Давлат хизматлари маркази бошлиғи Б.Исломов
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024