Бироқ, инсоннинг Ватан равнақига ҳисса қўшишдек олий мақсадга эришиш йўлидаги интилишларига тўсиқ бўлувчи ва унга хавф солувчи бир иллат борки, у “коррупсия” деб аталади. Коррупсия содда тилда айтганда, инсонни ўз нафси йўлида хизмат ёки мансаб мавқеидан фойдаланиб, моддий наф ёки номоддий манфаат кўришидир.
Ушбу иллатга қарши кескин курашмасдан туриб, давлат ва жамият ҳаётини янада ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларни амалга ошириш мумкин эмаслигини кундалик ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.
Шу сабабли 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонуннинг асосий мақсади ҳам коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Мазкур қонунда коррупсия тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра коррупсия - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб ўзининг шахсий манфаатларини ёки ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий манфаат олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши билан қоррупсияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупсияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупсиянинг олдини олишга доир чора тадбирларни амалга ошириш, коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборат.
Шунга кўра, коррупсияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари билан унда иштирок этувчи органлар хамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Республика идоралараро комиссияси ташкил этилди.
Шунингдек, қонун билан коррупсияга қарши курашиш соҳасида махсус ваколатли давлат органлари ҳам белгилаб берилиб, улар қаторига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуртураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуртураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва уларнинг қуйи тизимдаги идоралари киритилди.
Бугунги кунда судлар томонидан ҳам одил судловни амалга ошириш ҳамда қонунийликни таъминлаш орқали жадал суръатларда коррупсияга қарши курашиш чоралари кўриб борилмоқда.
Шу ўринда айтиш лозимки, сўнгги йилларда суд ҳокимиятини нуфузини ошириш, судянинг мустақиллиги, унинг фақат қонунга бўйсуниши принципини амалда таъминлаш, фуқароларнинг суд идораларига ва шу орқали жамиятда қонун устуворлигига бўлган ишончини янада орттириш борасида изчил ислоҳотлар давом эттирилмоқда.
Президентимиз Ш.М.Мирзиёйевнинг 2017 йил 13 июн санасида судялар билан ўтказилган тарихий учрашувда “Судянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик устувор бўлиши лозим” деб таъкидлаганлари ҳам юқоридаги фикримизнинг исботидир.
Жамият ҳаётининг коррупсия мавжуд бўлган ҳар қандай соҳаси ривожида тараққиёт бўлмаслиги кундек равшан. Зеро, коррупсия-тараққиётнинг заволи дейилиши бежизга эмас.
Албатта, жонажон Ўзбекистонимизнинг равнақи, истиқболи учун нафақат махсус ваколатли идоралар, балки ҳар бир фуқаро коррупсия аталмиш иллат билан муросасиз курашиши шарт.
Шеробод тумани Адлия бўлими бошлиғи Ф.Раҳмонов
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024