Шеробод тумани ҳокимлиги
КОРРУПЦИЯ ИЛЛАТИ

Ҳар қандай мураккаб ижтимоий ҳодиса сингари коррупция ҳам ягона таърифга эга эмас. Фанда таклиф қилинган назарий тушунчаларга мувофиқ, коррупция ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса бўлиб, у одатда ҳукумат амалдорлари,мансабдор шахслар, жамоат ва сиёсий арбобларнинг порахўрлиги, сотқинлиги ҳамда ўз шахсий манфаатларини кўзлаб ҳокимиятни суиистеъмол қилиш тушунилади. 

Ўзбекистонда коррупция «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида» қонунининг 3-моддасида — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш деб ҳуқуқий таърифланган.

Бизнинг давримизда коррупциянинг намоён бўлишининг энг характерли ва кенг тарқалган шакллари – порахўрлик, тарафдорлик, қариндош-уруғчилик, протекционизм, лоббизм, давлат ресурслари ва маблағларини ноқонуний тақсимлаш, давлат ресурсларини шахсий мақсадларда ўзлаштириш, ноқонуний хусусийлаштириш, сиёсий фаолиятни ноқонуний қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш, товламачилик, имтиёзли кредитлар бериш ва ҳоказо. 

Жамият ва давлатнинг бюрократлашуви, бошқарувнинг ҳаддан ташқари марказлашуви, яширин иқтисодиётнинг гуллаб-яшнаши, ҳақиқий демократияни рад этиш коррупция учун қулай шароитдир. Айниқса, коррупция инқирозли вазиятларда, ижтимоий-сиёсий тузумларнинг емирилиши, ижтимоий ахлоқнинг таназзулга учраши, шунингдек, сиёсатдаги кескин ўзгаришлар даврида кенг тарқалади.

Коррупциянинг иқтисодий сабаблари, биринчи навбатда, давлат хизматчиларининг паст маоши, шунингдек, уларнинг хусусий сектор фаолиятига таъсир кўрсатиш ваколатларининг юқорилигидир.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишда айрим камчиликларга йўл қўймоқдамиз. Масалан, биз коррупция сабаблари билан эмас, балки унинг оқибатлари билан курашяпмиз, қонунчилик ва жамиятдаги у ёки бу тешикни ямашга ҳаракат қиляпмиз. Агар биз муаммонинг илдизига тизимли равишда қарасак, бу ёмонликни йўқ қилиш учун нима қилишимиз керак, деб олдимизга савол қўйсак, албатта бизга фойда ва натижа берган бўлар эди. 

Коррупция мамлакатнинг иқтисодий, молиявий, ижтимоий ва умуман, миллий хавфсизлигига бевосита таъсир қилади. Коррупциянинг оқибатлари фуқаролар ўртасида барқарор нигилизм, лоқайдлик ва қонунбузарликнинг шаклланишига олиб келади. Коррупциядан халос бўлиш учун инсон тафаккурини, дунёқарашини ўзгартиришимиз, уни стереотиплардан халос қилишимиз ва унга жазонинг муқаррарлигини тушунтиришимиз керак бўлади. 

Дунё тажрибасига эътибор қилайлик, АҚШда пора бериш, шу жумладан, мансабдор шахсни ноқонуний хатти-ҳаракатларга, хусусан, пора олишга ундаш, жиноий ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди. Бунда пора берган шахс исталган вақтда жиноий жавобгарликдан қўрқмасдан, порахўрлик ҳолати тўғрисидаги ариза билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши мумкин. Порахўр эса доимий жазодан қўрқиб яшашига тўғри келади ва товламачилик, пора олишдан олдин кўп марта ўйлаб кўради.

Коррупцияга қарши курашнинг яна бир муҳим жиҳати, бу фуқароларни коррупция келтириб чиқарадиган оқибатлар ҳақида доимий хабардор қилиб боришдир. 

Фуқароларда коррупцияга қарши салбий фикр уйғотиш учун коррупция нафақат давлат ва бутун жамиятга, балки ҳар бир фуқарога моддий ва маънавий зарар етказаётганидан огоҳ қилиб боришимиз керак. Аслида коррупцияга қарши тарбияни мактабгача таълим муассасаларидан бошласак, яъни фарзандларимизни болалигидан коррупцияга қарши муросасиз тарбияласак, эртамизнинг нурли келажагини таъминлаган бўламиз. 

Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси