Болаларни муносиб ҳаёт шароитлари билан таъминлаш ота-онанинг энг муҳим бурчи ҳисобланса-да, бу бурчни барча ота-она ҳам бир хил англамайди, ҳатто баъзи ҳолатларда эса бундан бош тортади. Натижада судларда турли низолар келиб чиқади.
Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларнинг судлар томонидан тўғри ҳал этилиши ота-оналарнинг ва болалар ҳуқуқларининг муҳофазасини, ота-оналарнинг болаларини тарбиялашдаги масъулиятлари оширилишини таъминлашга имконият туғдиради, ота-оналарнинг болалари манфаатларига зид бўлган ҳуқуқларидан фойдаланишларига барҳам беради, вояга етмаганлар қонунбузарликларининг олдини олиш чоралардан бири бўлиб ҳисобланади.
Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўриб чиқаётган суд тарафлар ўртасидаги болаларни ким билан яшашини, болани кимнинг тарбиясида қолдириш масаласини ҳал қилади.
Никоҳдан суд тартибида ажратилаётганда эр ва хотин вояга етмаган болаларни ким билан яшаши, болаларга ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби, бу маблағнинг миқдори ёхуд эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга доир келишувини кўриб чиқиш учун судга тақдим қилишлари мумкин.
Суд амалиётига мурожаат этсак, даъвогар У.М.нинг жавобгарлар С.Ю., Х.Ю. ва З.Р.ларга нисбатан икки нафар фарзандини ўзининг тарбиясига олиб беришни сўраган даъво аризаси вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2024 йил 04 январь кунидаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган туман судининг 2023 йил 23 август кунидаги ҳал қилув қарорига кўра қаноатлантиришдагн рад қилинган.
Аниқланишича, тарафлар 2014 йил 11 май куни қонуний никоҳдан ўтишган, ўрталарида икки нафар 2016 йил 24 август куни туғилган З. ва 2018 йил 07 май куни туғилган Ж. исмли фарзандлари бор.
Тарафлар ўзаро келишмовчиликлар сабабли ажрашиб алоҳида-алоҳида яшаб келади.
Даъвогар У.М. 2011 йилда Россия Федерациясига кетиб 2018 йил август ойида қайтиб келган.
Биринчи инстанция судида психолог иштирокида сўралган вояга етмаган даъвогарнинг Замира ва Зоҳид исмли фарзандлари бобо-бувиси ва онаси билан бирга яшашни хоҳлашлиги, отасига боришни хоҳламаслигини баён этишган.
Васийлик ва ҳомийлик органининг хулосаларида тарафларнинг турар-жойларида болаларни тарбиялаш учун барча шароитлар етарли эканлиги баён этилиб, ҳар икки тараф ҳам болаларни ўз тарбиясига олиш юзасидан ижобий тавсифланган.
Оила кодекисининг 71-моддасига кўра, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадир.
Оила кодексининг 75-моддасига кўра, Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олиши белгиланган.
Даъво аризада ва кассация шикоятида жавобгар яъни, хотини
С.Ю. ҳозирги вақтда Россия давлатида эканлиги, қайнонаси З.Р. фарзандларини унга кўрсатмасдан, оталик меҳридан жудо қилаётганлиги баён этилган.
Бироқ, даъвогар У.М. Россия давлатига кетган вақтида З. исмли фарзанди ҳали бир ёшга тўлмаган, З. исмли фарзанди эса ҳали туғилмаган бўлганлиги, даъвогар У.М.нинг фарзандларининг тарбиясида деярли иштирок этмаганлигини тасдиқлайди.
Бундан ташқари, даъвогар У.М. Россия давлатидан қайтиб келгач бир йилдан ортиқ вақт давомида фарзандларининг тарбияси билан қизиқмаган ёки фарзандларини ўз тарбиясига олиш ҳақида судга даъво билан мурожаат этмаган. У.М. узоқ вақт мобайнида фарзандлари билан кўришиш учун ҳаракат қилмаган. Шу сабабли вояга етмаган болаларни ҳозирда отасига олиб бериш болаларнинг руҳиятига салбий таъсир этиши мумкин.
Судлар тарафларнинг вояга етмаган фарзандларининг манфаатлари ва хоҳишларини инобатга олиб, болаларни жавобгарларнинг қарамоғида қолдириш ҳақида тўхтамга келган.
Хулоса қилиб айтганда, суд жараёнида боланинг ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлиги, болаларнинг ёши ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлиги, ота-онанинг аҳлоқий ва бошқа шахсий фазилатлари, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатлари, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар яратиш имкониятини инобатга олишлари муҳим ҳисобланади.
Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024