Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
41-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги ҳамда мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши, 65-моддасида хусусий мулк дахлсиз эканлиги, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, 66-моддасида эса мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи мустаҳкамланганлиги белгиланган.
Шунингдек, Фуқаролик кодекси меъёрларига мувофиқ, вафот этган фуқаронинг мол-мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари фақат икки ҳолатда қонун бўйича ворисларига ўтади. Биринчидан, фуқаро мулкининг ўзи вафот этгандан кейинги тақдирини олдиндан белгилаган, яъни васиятнома қолдирган ҳолларда васиятнома асосида унинг мол-мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун бўйича ворисларига ўтишини кўзда тутса, иккинчидан, вафот этган фуқаро васиятнома қолдирмаган ҳол билан боғлиқдир.
Шуни қайд этиш жоизки, мерос мулки тўғрисида тўлиқ тушунчага эга бўлиш учун мероснинг очилиши, мероснинг очилиш жойи, мерос таркиби, меросхўрлар ва нолойиқ меросхўрларни меросдан четлатиш тартибини билиш талаб этилади.
Мерос очилиши ҳақида сўз борганда, фуқаронинг ўлими ёки фуқарони вафот этган деб топиш мерос очилишига ягона асос бўлишини таъкидлаш жоиз. Жумладан, мерос қолдирувчининг ўлган куни, у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирган кун, мерос очилган вақт ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, васият бўйича меросхўр бўлиши ман қилинган шахслар рўйхати қонунда белгилаб қўйилмаган. Аммо амалдаги қонунларимизда маълум бир чекловлар ўрнатилган. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 1119-моддасида назарда тутилган асосларда ворис, шу жумладан, васият бўйича ворис этиб тайинланган шахс ҳам суднинг ҳал қилув қарори билан нолойиқ меросхўр деб топилиб, мерос олишдан четлаштирилиши мумкин. Мазкур моддада кўрсатилишича, мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан биронтасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно.
Мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишга қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворис бўлишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар бундай четлатиш келтириб чиқарадиган ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатларга дахлдор шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан белгиланади. Ушбу қоидалар васият мажбуриятига нисбатан ҳам қўлланилади. Бу ҳар қандай меросхўрга, шу жумладан, мажбурий ҳисса олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларга ҳам тааллуқлидир.
Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек, давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин. Демак, қонун бўйича меросхўрлар доирасига асосан мерос қолдирувчи билан қариндошлик муносабатларида бўлган ва мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахслар кирса, васият бўйича меросхўрларни тайинлаш мерос қолдирувчининг мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади ва фақатгина унинг хоҳиш-иродаси билан эркин танланади.
Амалдаги Фуқаролик кодексида васият бўйича ворисликнинг умумий қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади. Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга, юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.
Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечтасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Қонун бўйича меросхўрни меросдан маҳрум этиш, агар васиятномадан бошқа мазмун келиб чиқмаса, бу васият қилувчининг тақдим этиш ҳуқуқи бўйича ворислик қиладиган авлодларига нисбатан тадбиқ этилмайди.
Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади. Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас.
Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан, оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади.
Меросдан мажбурий улуш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг фақат мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатан ҳақиқийдир.
Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024