Хусусан, Фармон билан давлат органлари ва ташкилотлари,шу жумладан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан уни қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланди.
Фармонда янги таҳрирдаги Конституцияни амалда рўёбга чиқариш ва қонунчиликнинг унга зид қоидаларини бекор қилиш бўйича бир қатор кечиктириб бўлмайдиган қуйидаги вазифалар ҳам назарда тутилган:
– эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлашга бўлган конституциявий ҳуқуқларни таъминлашга тўсқинлик қилиб келаётган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олиш бўйича Қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш ҳамда фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда хабардор қилишнинг янги тартибини жорий этиш (Конституциянинг 32-моддаси);
– мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясига, банк операцияларининг сир тутилишига оид конституциявий кафолатларни таъминлаш мақсадида тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштириш тартибини бекор қилиш (Конституциянинг 41-моддаси);
– тадбиркорлик фаолияти эркинлигига оид нормаларни тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида ҳар қандай турдаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловларни бекор қилиш (Конституциянинг 65–67-моддалари);
– фуқароларнинг суд ҳимоясида бўлишга оид конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш мақсадида маъмурий судларга шикоят қилишда давлат божини олдиндан ундирмаслик, бунда давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан ундириш тартибини жорий этиш (Конституциянинг 55-моддаси);
– ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик принципидан келиб чиқиб, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда шартномавий ва бошқа фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жавобгарлик чораларини бекор қилиш (Конституциянинг 21-моддаси);
– фуқароларнинг таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш учун солиқ тўловчилар томонидан ёшидан қатъи назар, фарзандининг мактабгача, мактаб ва олий таълим ташкилотида таълим олиши учун тўловни солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритиш (Конституциянинг 50-моддаси);
– ҳуқуқбузарликдан жабрланганларга етказилган зарар қопланишида давлатнинг конституциявий мажбуриятларини амалга ошириш мақсадида жиноятдан жабрланганларга кўмаклашишнинг аниқ механизмини ишлаб чиқиш (Конституциянинг 29-моддаси);
– шахсий дахлсизликка бўлган конституциявий ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш мақсадида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашда шахсни ҳибсхонага жойлаштиришдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини жорий этиш (Конституциянинг 26-моддаси);
– адвокатларнинг конституциявий-ҳуқуқий мақомини тўлақонли реализация қилиш, жиноят процессида унинг ваколатларини прокурор билан тенглаштириш (Конституциянинг 142-моддаси);
– давлатнинг болаларда халқнинг бой маданий ва маънавий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғусини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбуриятини амалга ошириш мақсадида 18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос объектларига тўловсиз кириши тартибини жорий этиш (Конституциянинг 78-моддаси).
Фармонга мувофиқ, қонуности ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ва Конституцияга зид нормалар, шу жумладан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи нормалар аниқланган тақдирда, уларни бекор қилиш бўйича таклифлар киритилиши белгиланди.
Мазкур Фармон янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлашга қаратилган.
Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024