Шеробод тумани ҳокимлиги
КОРРУПЦИЯ – ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ КУШАНДАСИ

Коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади. Аммо, умуман олганда, давлат амалдорларигина эмас, балки, давлат ташкилотида ишламайдиган фуқаролар ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши, пора пул эмас, балки бошқа нарса эвазига маълум хизматни амалга оширишлари мумкин.

Этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан. Юридик энциклопедия муаллифларининг таъкидлашича, “коррупция – мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолиятдир.

2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганидан сўнг, республикада коррупцияга қарши курашишнинг янги даври бошланди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия тузилди.

Шунингдек, ҳукумат доирасида амалга оширилаётган ишлар доирасида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида – Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ташкил этилди.

Дарҳақиқат, коррупция – илдизлари давлат хизматини ташкил этишдаги нуқсонларга ва давлат хизматчиларининг ўзига хос психологиясига бориб тақаладиган ижтимоий ҳодиса. Бу коррупцияга қарши аввало маъмурий-ҳуқуқий ва ташкилий-бошқарув чора-тадбирлари кўрилиши зарурлигидан дарак беради.

Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради.

“Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир.

Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ўйлаймизки, бундай маънавий бузилиш ҳолатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар.

Хулоса шундаки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади.

Шундай экан, давлат ва жамият, шу билан бирга нодавлат нотижорат ташкилотлари бундай иллатни олдини олиш ва унга қарши курашда биргаликдаги ҳаракатигина самарали натижаларга эришишнинг энг мақбул йўли бўлиб ҳисобланади.

З.Э.Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди судьяси

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси