Шеробод тумани ҳокимлиги
Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар белгиланди

Хусусан, ушбу Фармонда Конституцияни амалга ошириш йўналишидаги фаолиятни мувофиқлаштириш тизими, бир қатор янги моддалар бўйича аниқ ва манзилли чора-тадбирлар, уларни амалга ошириш юзасидан ташкилий тадбирлар назарда тутилган.

Хусусан, Фармон билан давлат органлари ва ташкилотлари,

шу жумладан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан уни қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича 100 га яқин аниқ тадбирларни ўз ичига олувчи чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида Янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича давлат комиссияси ҳамда Конституциядаги суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат принципларини изчил амалга ошириш бўйича 5 та экспертлик кенгаши тузилди ҳамда уларнинг вазифалари белгилаб берилди.

Шу билан бирга, Фармонда янги таҳрирдаги Конституция бўйича давлат фуқаролик хизматчилари ва суд-ҳуқуқ тизими ходимларини режа-график асосида ўқитиш бўйича аниқ чора-тадбирлар назарда тутилди.

Фармон билан Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари корпусини шакллантиришнинг мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизимини жорий этиш ҳақидаги таклифлари маъқулланди.

Фармонда янги таҳрирдаги Конституцияни амалда рўёбга чиқариш ва қонунчиликнинг унга зид қоидаларини бекор қилиш бўйича бир қатор кечиктириб бўлмайдиган қуйидаги вазифалар ҳам назарда тутилган:

– эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлашга бўлган конституциявий ҳуқуқларни таъминлашга тўсқинлик қилиб келаётган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олиш бўйича Қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш ҳамда фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда хабардор қилишнинг янги тартибини жорий этиш (Конституциянинг 32-моддаси);

– мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясига, банк операцияларининг сир тутилишига оид конституциявий кафолатларни таъминлаш мақсадида тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштириш тартибини бекор қилиш (Конституциянинг 41-моддаси);

– тадбиркорлик фаолияти эркинлигига оид нормаларни тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида ҳар қандай турдаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловларни бекор қилиш (Конституциянинг 65–67-моддалари);

– фуқароларнинг суд ҳимоясида бўлишга оид конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш мақсадида маъмурий судларга шикоят қилишда давлат божини олдиндан ундирмаслик, бунда давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан ундириш тартибини жорий этиш (Конституциянинг 55-моддаси);

– ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик принципидан келиб чиқиб, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда шартномавий ва бошқа фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жавобгарлик чораларини бекор қилиш (Конституциянинг 21-моддаси);

– фуқароларнинг таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш учун солиқ тўловчилар томонидан ёшидан қатъи назар, фарзандининг мактабгача, мактаб ва олий таълим ташкилотида таълим олиши учун тўловни солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритиш (Конституциянинг 50-моддаси);

– ҳуқуқбузарликдан жабрланганларга етказилган зарар қопланишида давлатнинг конституциявий мажбуриятларини амалга ошириш мақсадида жиноятдан жабрланганларга кўмаклашишнинг аниқ механизмини ишлаб чиқиш (Конституциянинг 29-моддаси);

– шахсий дахлсизликка бўлган конституциявий ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш мақсадида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашда шахсни ҳибсхонага жойлаштиришдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини жорий этиш (Конституциянинг 26-моддаси);

– адвокатларнинг конституциявий-ҳуқуқий мақомини тўлақонли реализация қилиш, жиноят процессида унинг ваколатларини прокурор билан тенглаштириш (Конституциянинг 142-моддаси);

– давлатнинг болаларда халқнинг бой маданий ва маънавий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғусини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбуриятини амалга ошириш мақсадида 18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос объектларига тўловсиз кириши тартибини жорий этиш (Конституциянинг 78-моддаси).

Фармонда қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш, уни амалга ошириш жараёнини ахборот-таҳлилий, илмий-экспертлик жиҳатидан таъминлаш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича чоралар ҳам белгиланмоқда.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг моддама-модда илмий-амалий шарҳини халқчил ва содда тилда тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Шу билан бирга, барча таълим турлари ва босқичларидаги Конституцияни ўрганиш бўйича ўқув режалари ва таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш ва уларни янги таҳрирдаги Конституция норма ва қоидаларига мослаштириш, ўқувчиларга, ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, янги таҳрирдаги Конституцияни ўргатиш бўйича замонавий методика асосида дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва махсус адабиётларни яратиш топширилди.

“Янги Ўзбекистон Конституцияси” ягона миллий портали ва унинг мобил иловаси ишга туширилиши назарда тутилди. Бунда, портал ва унинг мобил иловасида фуқаро ва тадбиркорлар учун қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш, уни амалга оширишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни тақдим этиш имконияти бўлади.

Фармонга мувофиқ, қонуности ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ва Конституцияга зид нормалар, шу жумладан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи нормалар аниқланган тақдирда, уларни бекор қилиш бўйича таклифлар киритилиши белгиланди.

Мазкур Фармон янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлашга қаратилган.

Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
10 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси