Шеробод тумани ҳокимлиги
ТАФТИШ ТАРТИБИ: СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚАЙТАДАН КЎРИБ ЧИҚИШНИНГ ЯНГИ ЖАРАЁНИ

Унга кўра, Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Маълумки, кейинги йилларда судлар фаолиятини янада такомиллаштириш орқали халқимизнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида босқичма-босқич ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида амалиётга татбиқ этилган ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.

Шунинг баробарида, бугунги кунда судларда иш ҳажми кескин ортганлиги баъзан ишларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш имкониятининг йўқолишига олиб келаётганлиги ҳам сир эмас.

Қолаверса, узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текшириш имкониятлари чекланганлиги сабабли мазкур тизимни ўрта бўғиннинг — вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали такомиллаштириш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, эндиликда ушбу қонун билан суд ҳукмига нисбатан апелляция шикояти (протести) бериш муддати 10 сутка этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекси ишларни тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишни белгиловчи боб билан тўлдириляпти. Хусусан, биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанция судларининг ҳукмлари, ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят бериш мумкин.

Мазкур қонун 2024 йил 1 январдан кучга кириши белгиланган бўлиб, унинг ҳаётга татбиқ этилиши судьяларнинг масъулиятини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга, шунингдек ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга.

 

Хусусан, мазкур қонун талабига кўра, 2024 йил 01 январь кунидан ҳукмга апелляция шикояти (протести) 10 сутка ичида берилиши мумкин бўлади.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекси ишларни тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишни белгиловчи боб билан тўлдирилмоқда-ки, унга кўра, биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанция судларининг ҳукмлари, ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят бериш мумкин. 

 Агар шикоятда ёки протестда маҳкумнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келадиган ўзгаришлар ҳақидаги масала қўйилган бўлса, суднинг айблов ҳуқмини ёхуд ажримини тафтиш тартибида кўриб чиқишга, шунингдек суднинг оқлов ҳукмини ёки ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишга фақат у қонуний кучга киргандан кейин бир йил ичида йўл қўйилади.

Биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан текширилмаган далиллар суд томонидан қабул қилинади, бунда  шахс бу далилларни ўзига боғлиқ бўлмаган қандай сабабларга кўра биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судига тақдим этиш имконияти бўлмаганлигини тушунтириб бериши керак.

Тафтиш инстанцияси суди ишни биринчи инстанция, апелляция, кассация ёки тегишли тафтиш инстанцияси судларининг ажримлари устидан берилган хусусий шикоят (хусусий протест) бўйича кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидагиларга ҳақли:

биринчи инстанция, апелляция, кассация ёки тегишли тафтиш инстанцияси судининг ҳукмини, ажримини ўзгаришсиз, тафтиш тартибида берилган шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида;

айрим суд қарорларини бекор қилиш ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд қарорларидан бирини ўз кучида қолдириш тўғрисида;

иш бўйича қабул қилинган барча суд қарорларини бекор қилиш ва айблов ёки оқлов ҳукми чиқариш тўғрисида;

иш буйича қабул қилинган барча суд қарорларини бекор қилиш ва иш юритишни тугатиш тўғрисида;

иш бўйича қабул қилинган барча суд қарорларини бекор қилиш ва жиноят ишини биринчи инстанция судига юбориш тўғрисида;

биринчи инстанция, апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судининг ҳукмини, ажримини ўзгартириш тўғрисида;

шикоят (протест) қайтариб олинган тақдирда, тафтиш тартибидаги ишни юритишни тугатиш тўғрисида.

Бундан ташқари, эндиликда суд жиноят ишини апелляция, кассация, тафтиш тартибида кўришда шикоят ёки протест важлари билан чегараланмайди ва ишни барча маҳкумларга, шу жумладан тегишли шикоятни бермаган шахсларга ёки ўзига нисбатан шикоят (протест) берилмаган маҳкумларга нисбатан ҳам тўла ҳажмда текширади.

Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов

5 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси