Шеробод тумани ҳокимлиги
Уй-жойга бўлган ҳуқуқи – конституция ҳимоясида

Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон маконида ўзини эркин ҳис қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий соҳанинг фаол аъзоси бўла олади. Давлатга бундай масаланинг белгилаб қўйилиши ниҳоятда муҳим, деган хулосага келинди. Шу асосда фуқароларни уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи давлат  томонидан белгилаб қўйиляпти. Фуқароларни уй-жой билан таъминлаш билан боғлиқ бўлган қонуности ҳужжатлар атрофлича инвентаризация қилинади. Ҳар бир оилани уй-жой билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда.

Конституциянинг 47-моддасида белгиланган норма Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилинадиган моддаси ҳисобланиб, ушбу норма ҳақиқий инқилобий янгиликлардан бири сифатида мулкчилик муносабатларидаги бўшлиқни тўлдирди. Шу билан бирга, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши белгиланди.

Мазкур норманинг Конституцияга киритилиши бир неча йиллардан буён жамиятимиздаги долзарб муаммолардан бирига айланган “снос” масаласига нисбатан халқпарвар, мулкдор тарафга оқилона ечим бўлади. Ҳақиқатан ҳам, барча демократик ҳуқуқий давлатда мулк ҳуқуқи, айниқса, шахс яшаб турган уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи муқаддас ҳуқуқ ҳисобланади ва мутлақ ҳимоя қилинади.

Бунда уй-жой мулкдорларига нисбатан 2 турдаги муҳим конституциявий кафолат белгиланмоқда: суд кафолати ва уй-жойдан маҳрум этилганда компенсация олиш кафолати. Суд кафолати уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи суд қарорисиз маҳрум этилишига йўл қўйилмаслигини англатади. Ушбу кафолат уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи мулкдорнинг эрк-хоҳишидан қатъи назар, мажбурий тарзда бекор бўлаётганда қўлланилиши назарда тутилган. Суд томонидан мулк ҳуқуқи бекор бўлишига сабаб бўлувчи ҳолатлар амалдаги қонун ҳужжатлари асосида объектив тарзда кўриб чиқилади. Албатта, мазкур тартиб мулкдор ҳар қандай ҳолатда асоссиз равишда мулк ҳуқуқидан маҳрум этилмаслигини кафолатлайди.

Иккинчи кафолат мулкдор иқтисодий манфаатлари ҳимоясига йўналтирилгани билан эътиборга молик. Мазкур норма қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдор шу уй-жой ва етказилган зарар учун тенг қийматда компенсация олишини кафолатлайди.

Шундай экан, янги таҳрирдаги Конституция ҳақиқатан ҳам халқ Конституцияси бўлмоқда. Чунки у оддий ва ҳаётий, исбот талаб этмайдиган ҳақиқатни ўзида акс эттиради ва шу билан халқимиз истагига ва хорижий давлатлар тажрибасига тўла мос келади.

Мазкур Конституция янги Ўзбекистонимизнинг бугунги ҳаёти ва эртанги тақдири, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил амалга оширилиши ва инсон ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланиши учун хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
15 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси