Юртимизда хотин-қизларнинг ва болаларнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари яратилган бўлиб, у замон талаби асосида такомиллаштириб борилмоқда. Зеро, соғлом оилани шакллантириш орқали жамиятда юксак маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Айтиш жоизки, кейинги йилларда ушбу соҳани ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллашмоқда. Бежиз “ишончли ҳимоя қилиш” тушунчаси келтирилмади. Бу орқали мавжуд амалиётни қайта кўриб чиқиш, ҳаётда, матбуотда реал воқеликни акс эттириш, соҳадаги муаммоларга ечим топиш, талабга жавоб бермайдиган ҳуқуқий нормаларга ўзгартишлар киритиш, бу борадаги жавобгарлик чораларини янада кучайтириш назарда тутилаётир.
Афсуски, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан, салбий ҳолатлар, яъни хотин-қизлар, вояга этмаганларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқлар, ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланишда тўсиқлар ҳали ҳам учраб турибди. Қолаверса, хотин-қизлар орасида ўз ҳуқуқларини яхши билмайдиган, мунтазам қийноққа учрагани учун қўрқоқ, ожиз, ҳимоясиз бўлиб қолганлар ҳам бор. Кўп ҳолатларда улар суд ёки бошқа органларга мурожаат қилмай, оилавий зўравонликка чидаб яшаб келмоқда, Янада ачинарлиси, бу зўравонликка унинг вояга етмаган фарзандлари ҳам гувоҳ бўлиб, уларнинг яхши муҳитда тарбияланиш ҳуқуқлари бузилаётир. Болаларнинг келажакка ишончи йўқоляпти, таълим олишга бўлган лаёқати пасаймоқда, руҳий ҳолатида кескин муаммолар келиб чиқяпти, шу орқали ота-оналик мақомига путур етяпти.
Оиладаги зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар жабрини биринчи галда аёллар тортади. Бу кўплаб аёлларнинг ҳуқуқлари топталишига, турмуш тарзидан қониқмай, ҳатто, ўз жонига қасд қилиш даражасигача боришига, вояга етмаган фарзандларнинг она меҳридан эрта жудо бўлишига сабаб бўлади. Сўнгги пайтларда аёллар билан боғлиқ бир неча кўнгилсиз ҳодисалар ҳам рўй берди. Буларнинг барчаси юртимизда ечилиши лозим бўлган қатор ўткир муаммолар мавжудлигини ва соҳани тартибга солувчи қонунчиликда айрим бўшлиқлар мавжудлигини англатади.
Шу сабабли, давлатимиз раҳбари хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масаласига алоҳида урғу бериб, айни чоғда тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларни ҳимояга олиш тизимини такомиллаштириш зарурати борлигини бир неча бор қайд этганди. Мазкур ташаббус барча давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланди.
Албатта, бу амалдаги қонунчилик нормаларини пухта кўриб чиқишни талаб қилади. Шу муносабат билан яқинда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Унга кўра, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан номақбул ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилди, шунингдек, оилавий зўравонлик, шилқимлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Қонунда оилавий (маиший) зўравонлик учун, таъқиб қилиш, шаҳвоний шилқимлик, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарлик кўз тутилган. Айни чоғда, аёлларни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш, турмуш қуришга мажбурлаш ёки тўсқинлик қилиш учун ярашиш институтини қўлламаслик ҳам белгиланган. Буларнинг барчаси пировардида зўравонликнинг олдини олиш ва унинг мудҳиш оқибатларига барҳам беришга хизмат қилади.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс
592-моддаси, яъни оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик белгиланиб, худди шу ҳаракатларни бир йил ичида қайта содир этган тақдирда Жиноят кодексининг 1261-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланди.
Жиноят кодекси 1413-модда, яъни шахс шаънини ва қадр-қимматини камситувчи, инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи модда билан тўлдирилди. Унга кўра, товламачилик аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шахсий розилигисиз яланғоч ҳолдаги фото, видеотасвирни ўз ичига олган ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ёки бундай ахборотни тарқатиш билан қўрқитиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс шаҳвоний шилқимлик қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи 411-модда билан тўлдирилди.
Эндиликда шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатлар бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 дан 5 бараваригача жарима солишга ёки 5 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Бу ҳаракат маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шунингдек, ота ва она ўз фарзандини тарбиялашда мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди, агар ота ёки она яшаш жойида уч ойдан ортиқ бўлмаганда ёки узрли сабабларга кўра ўз мажбуриятларини бажара олмаганда вояга етмаган фарзандига васий ёки ҳомий тайинламаса, маъмурий жавобгарликка тортилади.
Айрим ота-оналар ишлаш учун ёки бошқа бир сабаб билан чет элга ёки яшаш жойидан узоқроқ ҳудудга кетиб, фарзандларини қариндошлари ёки танишларига ташлаб кетади, қариндошлар яхши бўлса, бола ҳуқуқлари бузилмайди. Лекин амалиётда болалар қаровсиз қолиб, уларнинг тарбияси билан ҳеч ким шуғулланмаслиги, улар назоратсиз қолиб кетиш ҳолатлари, энг ёмони, болалар билиб ёки билмай жиноят йўлига кириб қолиш ҳолатлари ҳам учрайди.
Шундан келиб чиқиб, ота ва оналарга мажбуриятларини тўлиқ бажариш ва улар йўқлигида фарзандига ҳомий ёки васий тайинлаш мажбурияти белгиланмоқда, акс ҳолда улар жавобгарликка тортилади.
Жиноят кодексининг 73-моддасидаги жазодан муддатидан илгари шартли озод этиш каби нормалар вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этилган жиноятлар учун, жумладан, вояга етмаган шахснинг номусига текканлик, жинсий алоқада бўлиш, уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик, вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, намойиш этиш, қўшмачилик қилганлик, фоҳишахоналарни ташкил этганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Эътиборлиси, вояга етмаган шахсларга нисбатан бу каби жиноятларни содир этган шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди, жазо муддатлари ва миқдори оширилди.
Қолаверса, эндиликда аёлларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя ордери муддати бир йилгача жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан узайтирилиши белгиланди.
Келтирилганлардан ҳам кўриниб турибдики, ушбу қонун бугунги кун учун ниҳоятда долзарб. У халқимизнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини янада ошириш, хотин-қизлар ва вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш, шу ҳаракатни содир этган шахсларга адолатли жазо чораларини белгилаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш ҳамда болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024