Шеробод тумани ҳокимлиги
Маъмурий ислоҳотлар — натижадорликка йўналтирилган ихчам ва профессионал давлат бошқарувини яратишнинг асоси

Дарҳақиқат, давлат бошқарувининг марказлашиб кетиши вазирлик ва идоралар ваколатларининг бир-бирини такрорлаши, агентликларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши, ортиқча бюрократиянинг кучайишига сабаб бўлди.

Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-269-сон Фармони ушбу муаммоларга ўзига хос ҳуқуқий ечим бўлди, дейиш мумкин. Хусусан, мазкур Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сонини 61 тадан 28 тагача, шу жумладан, вазирликлар сонини 25 тадан 21 тагача қисқартириш белгиланди.

Бошқача қилиб айтганда, республика давлат бошқаруви органлари қуйидаги тартибда ислоҳ қилинмоқда: қайта ташкил этиш, вазифа ва функцияларни тегишли вазирлик ва идораларга ўтказган ҳолда тугатиш ҳамда ташкилий бўйсунувни ўзгартириш. Мазкур чора-тадбирлар натижасида 1,5 триллион сўмдан ортиқ бюджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилади ва штат бирликларини мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган маблағлар ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилади.

Давлат бошқаруви аппаратини сақлаш билан боғлиқ харажатларнинг мақбуллаштирилиши коррупциявий омилларни бартараф этиш ҳамда бюджет маблағларининг сарфланиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишга хизмат қилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмаси ислоҳ қилиниб, Бош вазирнинг 4 нафаргача ўринбосарлари лавозими ҳамда Бош вазир котибияти ташкил этилмоқда. Бу, ўз навбатида, замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштиришга хизмат қилади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрь кунидаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-447-сон қарори ҳам маъмурий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси сифатида қабул қилинган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлди.

Мазкур қарор билан Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида амалга ошириладиган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унда бир қатор муҳим аҳамиятга эга бўлган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар белгиланди.

Умуман олганда, республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти янгиланган талаблар ва тамойиллар асосида ташкил этилаётганлиги маъмурий ислоҳотлар доирасида мамлакатимизда натижадорликка йўналтирилган ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизимини яратиш бўйича чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилаётганлигини англатади.

 

Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси