Шеробод тумани ҳокимлиги
“Суд тизимида «Ягона дарча» принципини жорий этилиши орқали аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар, қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизими жорий этилмоқда”

Шу билан бирга Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни маъмурий судларда кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратининг қўлланилиш соҳасини кенгайтириш, қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбуриятини уни қабул қилган мансабдор шахснинг зиммасига юклатиш тартибига қатъий риоя этилишини таъминлаш, шунингдек суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш назарда тутилган.

Ҳозирги вақтда маъмурий суд ишларини юритишда аризачи ҳокимият ваколатларига эга бўлган маъмурий органга, унинг мансабдор шахсига — жавобгарга нисбатан тенгсиз ҳолатдадир. Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича чиқарилган суд ҳужжатининг давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда ижро этилишини таъминлаш устидан самарали назорат механизми ҳам назарда тутилмаган. Бунинг натижасида фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб чиқарилган суд ҳужжатлари кўп ҳолларда давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилмасдан қолмоқда.

Бундан ташқари даъво аризасини (аризани), шикоятни ёхуд ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган судга ўтказган ҳолда, судлар томонидан даъво аризасини, аризани, шунингдек шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этишни ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш белгиланиши зарурати юзага келмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан холда, ушбу Қонун суд тизимида «ягона дарча» принципини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар, қабул қилишга ва ваколатли судга юборишга ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизими жорий этилишига, маъмурий суд ишларини юритиш «суднинг фаол иштироки» принципи асосида амалга оширилишига, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан бир қаторда унга сабабий боғланишда бўлган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги талабнинг маъмурий суд томонидан кўрилишига, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафларга келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилишига, суд ҳужжатлари маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланилишига доир процессуал қоидаларни белгилайди.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 26 апрелдаги ЎРҚ 833-сонли қонуни билан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 27-моддаси иккинчи қисмига ўзаро боғлиқ бўлган, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса маъмурий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, кодекс 311-моддаси билан тўлдирилиб,  унга кўра иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича суддан бошқа судга ўтказиш тартиби белгиланди.

Талаб фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда тақдим этилган тақдирда, даъво аризаси (ариза) тааллуқлилигига кўра иқтисодий судга ёки маъмурий судга кўриб чиқиш учун ўтказилади.

Агар ишни кўриб чиқиш жараёнида даъво аризаси (ариза) судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда иш юритишга қабул қилинганлиги аниқланса, фуқаролик ишлари бўйича суд иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра иқтисодий судга ёки маъмурий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва фуқаролик суд ишини юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Даъво аризасини (аризани), иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказиш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича суд ажрими устидан хусусий шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.

Фуқаролик ишлари бўйича суддан тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказилган даъво аризаси (ариза), иш материаллари ўзига ўтказилган суд томонидан қабул қилиб олиниши керак.

Ўзбекистон Республикасида судлар ўртасида судга тааллуқлилик тўғрисидаги низоларга йўл қўйилмайди»;

75-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Иқтисодий ёки маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган суд учун иқтисодий ёки маъмурий суднинг ҳал қилув қарори билан аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга тааллуқли бўлган ҳолатлар тўғрисидаги масалалар бўйича мажбурийдир»;

192-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Судья аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш ёхуд судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказиш ҳақидаги масалани ариза судга келиб тушган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай якка тартибда ҳал этади. Аризани иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш ёхуд аризани судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш, шунингдек аризани тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга аризачига ажрим чиқарилгандан кейинги кундан кечиктирмай юборилади.

Иқтисодий ёки маъмурий суддан ариза ёки иш материаллари судга тааллуқлилигига кўра келиб тушганда судья ариза ушбу Кодекснинг 189, 190 ва 191-моддаларида кўрсатилган талабларга мувофиқ эмаслигини аниқлагач, ариза судга келиб тушган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай даъвогарни (аризачини) камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади ва унга бунинг учун ўн кундан ошмайдиган муддат беради»;

Ушбу Қонун давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят суди судьяси
С.Х.Рахимов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси