Шеробод тумани ҳокимлиги
“Қандай ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин? У.Қандай оқибатларга олиб келади?

Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, Оила кодексининг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланади.

Боланинг онаси вафот этган, муомалага лаёқатсиз деб топилган, она қаердалигини аниқлашнинг имкони бўлмаган ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолларда ҳам, агар васийлик ва ҳомийлик органи боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг аризасига биноан оталикни белгилашга розилик бермаган бўлса, суд ўша шахснинг аризасига мувофиқ оталикни даъво ишини юритиш тартибида белгилаши мумкин (ОК 61-моддаси иккинчи қисми).

Оталикни белгилаш ҳақидаги ариза суднинг иш юритувига фақат бола туғилганлиги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд этилганидан сўнг ва отаси ҳақидаги ёзув ОК 207-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ амалга оширилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилганда қабул қилиниши мумкин. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида боланинг туғилганлиги қайд этилмаган бўлса, суд аризани қабул қилишни рад этади. Бундай ҳолда суд манфаатдор шахсга туғилишни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши шарт.

Боланинг отаси тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан амалга оширилган ёзув бола унда кўрсатилган шахсдан келиб чиққанлигини тасдиқловчи далил ҳисобланиши туфайли, туғилиш тўғрисидаги далолатнома ёзувида ОК 207-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмига мувофиқ боланинг отаси сифатида бошқа аниқ шахс кўрсатилган ҳолда ҳам суд аризани қабул қилишни рад этади.

Агар оталикни белгилаш ҳақидаги даъво билан бир пайтда алимент ундириш тўғрисида талаб қўйилган бўлса, ишнинг шу қисми суд томонидан умумий асосларда кўриб чиқилиши лозим.

Жавобгар томонидан оталик суд мажлисида тан олинганда, суд ФПК 44, 226-моддаларига мувофиқ даъво тан олинганлигини қабул қилиш масаласини муҳокама қилиши ва у қабул қилинганда, иш ҳолатларини мазмунан текширмасдан, оталикни белгилаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилади.

Оталикни белгилаш шартлари, тартиби ва ҳуқуқий оқибатлари қонун билан белгиланганлиги сабабли, суд бундай иш бўйича келишув битимини тасдиқлашга ҳақли эмас.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.

Сурхондарё вилоят суди  судьяси
С.Х.Рахимов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси