Хусусан, "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунда зўравонликнинг 4 тури кўрсатиб ўтилган. Зўравонлик ҳолатлари бўйича аниқланган ёки келиб тушган барча хабарлар ўрганиб чиқилиб, бундай салбий ҳолатнинг олдини олиш мақсадида ҳимоя ордерлари бериш амалиёти жорий этилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёлларни ҳимоя қилиш мақсадида 2020 йил 04 январь кунидаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга профилактика инспектори томонидан давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳужжат - ҳимоя ордери бериш тартиби белгиланди.
Унга кўра, тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ҳимоя ордерини ўттиз кун муддатгача беради ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Агар хавф ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан бир йилгача муддатга жиноят ишлари бўйича суд томонидан узайтирилиши мумкин.
Ҳимоя ордери берилишининг асосий мақсади қаерда бўлишидан қатъий назар, зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш ва такрорий зўравонлик ёки тазйиқ ҳолатларининг олдини олишдир.
Шунингдек, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 30-моддасида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар тегишли қонун ҳужжатлари билан қўриқланиши, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг шахсига доир маълумотлари ишониб топширилган ҳамда касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан бу маълумотлар ўзига маълум бўлиб қолган, ушбу маълумотларни ошкор этишга йўл қўйган шахслар қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилиши ҳам белгиланди.
Шу боисдан, тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил ҳамда зўравонликдан жабрланган шахсларга доир маълумотлар сир сақланади. Кўнгилсиз ҳолатлар бўйича хабар берган шахсларнинг ҳам маълумотлари ошкор этилмайди.
Бундан ташқари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши ҳам мазкур Қонун асосида белгиланган.
Мазкур Қонун асосида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсад қилинган.
Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024