Шеробод тумани ҳокимлиги
Мустаҳкам оила – жамият таянчи

Жумладан, даъвогар Шерзод судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Раъно билан 2015 йил 09 октябрь куни қонуний никоҳ асосида оила қурган ва ўрталарида 2 нафар фарзандлари бор бўлса-да, у билан бўлаётган ўзаро келишмовчиликлар сабабли 2022 йил 23 июль кунидан буён бир-бирларидан алоҳида яшаб келишаётганлигини билдириб, уларни никоҳдан ажратишни сўраган.

Қайд этиш жоизки, судлар оила давлат томонидан ҳимоя қилиниши кафолатланганлигини инобатга олиб, никоҳ-оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўришлари лозим бўлади.

Маълумки, Оила кодексининг 41-моддасига кўра, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.

Шунга кўра, даъвогар Шерзоднинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво талабини асослашда келтирган важларини ҳамда жавобгар Раънонинг эътирозларини муҳокама қилиб, улар ёш оила эканлигини, уларнинг 2 нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, улар 8 йилдан буён тинч-тотув яшаб келганлигини ва ҳозирда ҳам ўрталарида ҳурмат ва меҳр мавжудлигини, тарафларнинг ўрталаридаги оилавий муносабатлари тамомила барбод бўлмаганлигини, Раъно оилани тиклашга ва даъвогар билан ярашишга ҳаракат қилаётганлигини, уларни никоҳдан ажратиш учун жиддий асослар мавжуд эмаслигини, даъво аризада келтирган важлар уларни никоҳдан ажратиш учун асос бўлолмаслигини, балки бу эр ва хотин учун ҳаёт синовлари эканлигини, уларнинг оиласи бузилишига учинчи шахсларнинг ҳам ҳиссаси борлигини инобатга олган ҳолда даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантиришни рад қилиш ҳақидаги фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2023 йил 10 март кунидаги ҳал қилув қарори Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан жорий йилнинг 25 апрель кунидаги ажрим асосида ўзгаришсиз қолдирилди.

Шуниси эътиборлики, ажрашишларнинг аксарият қисмига урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк таъма қилиши, келинларнинг ота уйига “гап ташиши”, телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақил эмаслиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса “хўп”дан йироқлиги, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда.

Ачинарлиси, никоҳ бекор қилинар экан унинг қийинчиликлари асосан аёлнинг зиммасига тушади. Чунки аксар ҳолларда у яшаб турган уйидан болалари билан чиқиб кетиши ҳамда  ўзи ва болаларнинг таъминотини ўйлашга мажбур бўлади. Маълумотларга кўра, ажрашган аёлларнинг бешдан тўрт қисми бугун қайта турмуш қурмасдан ёлғиз ҳаёт кечиряпти. Бунинг оқибатида ҳозирги кунда Республика бўйича 220 минг нафар вояга етмаган болалар тўлиқ бўлмаган оилада ота меҳрига зор бўлиб улғаймоқда...

Хулоса қилиб айтганда, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, эр-хотинни ўзаро муросага келтириш борасида нафақат судлар, балки кенг жамоатчилик ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатиши жамиятимиз ривожига муносиб улуш қўшиши шубҳасиздир.

Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси