Мазкур қонун асосида амалдаги чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтдан эътиборан ўз фаолиятини янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ваколатларга мувофиқ амалга ошириши, Конституциянинг 92-моддаси 3-қисмининг Олий Мажлис Сенатининг сайланадиган (тайинланадиган) аъзолари сонини белгиловчи қоидалари 2024 йилда навбатдаги чақириқдаги Сенат шакллантирилиши бошланганидан амалга киритилиши белгиланди.
Бундан ташқари, тегишли норматив-ҳуқуқий базани тайёрлаш, маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг изчиллиги ҳамда узлуксизлигини таъминлаш зарурлиги муносабати билан янги таҳрирдаги Конституциянинг 120-моддаси
3-қисмининг вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органларига нисбатан 2024 йилда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг навбатдаги сайловлари якунлари бўйича, туман ҳамда шаҳар вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органларига нисбатан эса 2026 йил 01 январь кунидан эътиборан амалга киритилиши белгиланди.
Шунингдек, ушбу қонунда Ўзбекистон Республикаси Олий суди одил судловни амалга оширишда судлар томонидан конституциявий нормалар тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида барча инстанция судлари томонидан ишларни кўриб чиқишнинг янги таҳрирдаги Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллаш юзасидан ягона суд амалиёти тўғрисидаги Олий суд Пленуми қарорини уч ойлик муддатда қабул қилиши белгиланди.
Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024