Шеробод тумани ҳокимлиги
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

2020-2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда. Ушбу босқич ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш ҳамда инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берувчи таълим беришга қаратилгандир.

Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 07 февраль кунидаги ПҚ–46-сон қарори асосида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Мазкур Миллий таълим дастурининг асосий мақсади — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш, шунингдек, аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги миллий ва халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборатдир.

Миллий таълим дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш кутилмоқда:

аҳолининг, айниқса ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жумладан бу борада ахборот тарқатиш, таълим бериш фаолияти янада такомиллаштирилади, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданияти янада юксалади;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг асосий тамойиллари ва услубларини ўзлаштириш ҳамда тўлиқ тушунишга кўмаклашилади;

аҳолининг турли гуруҳлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, гендер тенглик мазмун-моҳиятини тушунишга эришилади;

давлат органлари ходимлари томонидан инсон ҳуқуқларини амалда қўллаш билим ва кўникмаларининг шаклланишига эришилади;

инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-тадқиқот ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, таълим сифатини оширишга эришилади;

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари қўлланилиши ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилишига кўмаклашилади;

инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш орқали мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича кўрсаткичлари яхшиланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 07 февраль кунидаги ПҚ–46-сон қарори асосида:

 2023/2024 ўқув йилидан профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича ўқув ва махсус курслар жорий этилади;

2023 йил 1 июнгача мазкур курслар жорий этиладиган профессионал ва олий таълим ташкилотларининг аниқ рўйхати шакллантирилади;

2023 йил 1 июндан бошлаб ҳар йили “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказиб борилади;

2023 йил 1 мартдан терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилади;

2023 йил 1 майдан раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари (соатлари) жорий қилинади;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар йўналиши ташкил этилади;

2023 йилдан Конституция қабул қилинган кун муносабати билан ўтказиладиган кўрик-танловларда аёллар, бола ва ёшлар ҳуқуқлари масалалари қамраб олинишини таъминланади.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда ҳамда зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.


З.Э.Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди судьяси                               

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
6 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси