Муҳтарам Президентимизнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ва ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш билан бирга, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари сифатида белгиланди.
Ҳаракатлар дастури 10 та бўлим 28 та банддан иборат бўлиб, унинг “Одил судлов сифатини тубдан ошириш” деб номланувчи 2-бўлимининг 5-банди маъмурий суд иш юритувини такомиллаштиришга қаратилган.
Ушбу бандда 2023 йил ноябрь ойига қадар “Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, унда маъмурий органлар билан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги барча низоларни хатловдан ўтказиб, судловга тааллуқлилигига оид қоидаларни такомиллаштириш, маъмурий суд иш юритуви принципларини танқидий ўрганиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи принципларни киритиш назарда тутилган.
Шунингдек, маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиб, маъмурий органлар устидан бериладиган даъво турларини аниқ белгилаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини ҳимоя қилиш тизимини танқидий ўрганиб, етказилган зарарни ундириш тартибини аниқлаштириш, маъмурий судлар фаолиятига ҳуқуқи бузилган фуқаро - аризачининг хоҳишига кўра экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этишни белгилаш лозимлиги кўрсатилган.
Суд-ҳуқуқ соҳасига бағишланган ушбу Президент фармони авваламбор, “Инсон қадри учун” ғояси асосида қабул қилинган бўлиб, адолатли суд тизимини шакллантириш, халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини суд орқали самарали ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи ошишига хизмат қилади.
Сайфиддин Алимардонов
Сурхондарё вилояти маъмурий суди судья катта ёрдамчиси
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024