Бу эса ўз навбатида жисмоний нуқсонлари мавжуд ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва уларнинг манфаатларининг ҳимоя қилиниши доимий этиборда эканлигидан даолат беради.
Шунингдек, бу борада 28.10.2022 йилда қабул қилинган янги Меҳнат кодекси ҳам муҳим рол ўйнади.
Янги Меҳнат кодексида ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат ҳуқуқларини тартибга солишда 25-бобида алоҳида бир параграф ажратилган ҳамда мазкур тоифадаги ходимларнинг ҳуқуқларининг химояси анчагина кенгайтирилган.
Янги Меҳнат кодексида, Ногиронлиги бўлган шахсларга «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланган иш ўринларининг энг кам сони ҳисобидан захирадаги иш ўринларига маҳаллий меҳнат органлари йўлланмасига кўра ишга жойлашиши кафолатланди.
Қонунинг 425-моддасига кўра, ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатга оид якка тартибдаги ҳуқуқий муносабатларда бошқа ходимлар каби ҳуқуқларга эга, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шарт-шароитлари борасида эса улар ўзи учун қонунчиликда, шунингдек меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланади.
Жамоа шартномасида ёки меҳнат шартномасида белгиланадиган меҳнат шарт-шароитлари, шу жумладан иш ҳақи, иш вақти ва дам олиш вақти режими, йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қонунчиликда белгиланганидан кам бўлиши ҳамда бошқа ходимларга нисбатан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштириши ёки уларнинг ҳуқуқларини чеклаши мумкин эмас.
Ногиронлиги сабабли ногиронлиги бўлган шахс билан меҳнат шартномаси тузишни ёки ишда унинг юқори лавозимга кўтарилишини рад этишга, у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан тиббий-ижтимоий эксперт комиссиянинг хулосасига кўра ногиронлиги бўлган шахснинг соғлиғи ҳолати касбий вазифаларини бажаришга монелик қиладиган ёхуд унинг ёки бошқа шахсларнинг ҳаётига ёки соғлиғига, меҳнат хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳоллар мустасно.
Қонунинг 427-моддасида, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсияларига мувофиқ белгиланади, лекин олти кунлик иш ҳафтасида — олти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — етти соату ўттиз дақиқадан ортиб кетмаслиги кераклиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек қонунда, Ногиронлиги бўлган ходимларни хизмат сафарига юборишга, тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ҳамда дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилишга фақат уларнинг розилиги билан, агар ушбу ходимлар учун бундай ишлар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсияларида тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари қонунинг 431-моддасида, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларнинг меҳнатига иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ҳақ тўлаш тегишли касб ва лавозимлардаги ходимларга тўлиқ иш вақти давомийлигидаги миқдорда амалга оширилиши қайд этиб ўтилган.
Корхоналарда, бирлашмаларда муассасаларда ва ташкилотларда ишлаётган ногиронлиги бор шахсларга тиклашнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ зарур меҳнат шароити яратилади. Меҳнат шароити шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш, иш вақти, тартиби ва дам олиш вақти, жамоа ёки якка тартибдаги меҳнат шатномасида белгилаб қўйиладиган йиллик ва қўшимча таътиллар муддати амалдаги норматив ҳужжатларда кўзда тутилганидан кам бўлмаслиги ва бошқа ходимларга нисбатан ногиронлиги бор шахсларнинг аҳволини ёмонлаштирмаслиги ёки уларнинг ҳуқуқларини чекламаслиги керак.
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси Б.Мустафаев
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024