Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 187-моддаси, “Ўз меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ёки меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилганлиги натижасида ходимга, боқувчиси иш билан боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда эса, — унинг оила аъзоларига етказилган ҳар қандай зарарни (шу жумладан, маънавий зарарни) иш берувчи, башарти ушбу Кодексда бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, тўлиқ ҳажмда тўлаши” назарда тутилган бўлсада, айнан қайси зарарлар ходимга қопланиши кўрсатилмаган.
Янги таҳрирдаги Меҳнат Кодексининг 319-моддасида эса, ходимга ўрни қопланиши лозим бўлган зиён ҳақида батафсил тушунча берилиб, унга кўра “иш берувчи қуйидаги ҳолларда ходимга етказилган зиённинг ўрнини қоплаши шарт:
-ходим меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум қилинганда;
-ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига зиён етказилганда;
-ходимга иш ҳақи тўлаш ва унга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловлар кечиктирилганда;
-ходимнинг мол-мулкига зиён етказилганда.
Агар иш берувчининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан ходимга жисмоний ёки маънавий азоб етказилган бўлса, ходимга етказилган маънавий зиён компенсация қилиниши лозим”лиги қайд этилган.
Яна бир фарқли жиҳат, ҳозирда кўпчилик ташкилот ва муассасалар ва корхоналарда дуч келинадиган, иш ҳақини вақтида бермаслик, асоссиз кечиктириш каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ушбу ҳолатлар кузатилса, яъни иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шартлиги кўзда тутилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошириш, иш берувчи ва ходим ўртасида юзага келадиган ва келиши мумкин бўлган низоли муносабатларга ижобий ва ҳуқуқий ечим топилишига ёрдам бериши шубҳасиздир.
Лочин Усаров
Фуқаролик ишлари бўйича
Бойсун туман суди раиси
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024