Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 67-моддасида боланинг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари белгилаб қўйилган. Бола ўз ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Боланинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар), ушбу Оила Кодексида назарда тутилган холларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилади. Вояга етмаган бола қонунга мувофиқ тўла муомала лаёқатига эга деб эътироф этилса, у ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шу жумладан ҳимоя ҳуқуқини мустақил амалга оширишга ҳақлидир.
Оилада бола ўз фикр мулоҳазасини мустақил ифода этишга ҳақлидир. Бу ҳақда Оила Кодексининг 68-моддасида “Оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақлидир”- деб белгилаб қўйилган.
Ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Улар ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Ота-она болаларнинг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуқига эга.Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 74-моддасида болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ота-оналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш уларнинг ота-онаси зиммасига юклатилади. Ота-она ўз болаларининг қонуний вакиллари ҳисобланадилар ҳамда ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларда шу жумладан судда алоҳида ваколатсиз уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладилар.
Вояга етганлик ва меҳнатга лаёқатлилик бу шахснинг муомала лаёқати билан боғлиқ ҳолат бўлиб амалдаги фуқаролик ва оила қонунчилигига кўра у шахс 18 ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади.Ҳар бир бола оилада ота-онаси ғамхўрлигидан фойдаланиш ҳуқуқига эга деганда, болани озиқ-овқат, даволаниш,кийим-кечак, ўқув қўлланмалари ва унинг яшаши ва билим олиши учун зарур бўлган бошқа нарсалар билан таъминланган бўлиши назарда тутилади.
Бир сўз билан айтганда, бола ота-онанинг қувончи, фахри, бахтидир, эр-хотинни бир-бирига пайванд қиладиган ҳам фарзанддир. Болага меҳр-муҳаббат туйғуси оналарда ғоят кучли бўлади она ўз боласи туғилмасдан олдин уни севишга ва унга жонини ҳам беришга қодир. Халқимизда: “Она фарзандига ўз жонидан жон, ўз танидан тан ато этади”,-деб бежизга айтилмаган.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди судьяси
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024