Шеробод туманидаги умумтаълим мактабларида фаолияти йўлга қўйилган тарғиботчилар ҳам бугунги кунда ижодкор ўқувчиларни аниқлаб, уларни кашф этишда астойдил меҳнат қилишмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Н.Раҳматуллаева ҳамда туман маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбар ва ходимлари иштирокида 38-умумтаълим мактабида ўтказилган ижодий учрашув чоғида манзилдаги тарғиботчининг фаолияти билан танишилди.
Мактаб тарғиботчиси Отабек Бердиқулов оташин ижодкор. Бир қанча шеърий китоблари чоп этилган. Ўқувчи ёшларни ҳам ўз ортидан эргаштира олган тарғиботчи ҳамда мактаб директорининг ташаббуси билан ташкил этилган мактаб қошидаги “Парвоз” тўгарагига 120 нафар ижодкор ёшлар қамраб олинган. Аҳамиятлиси, мактабда мўжазгина радиоузел фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, ижодкор ёшларнинг шеърлари мунтазам тумандаги “Буюк юрт” газетасида чоп этиб келинади. Бундан ташқари, ўтган ўқув йилида мактаб маъмурияти томонидан 3 нафар ижодкор ўқувчиларнинг шеърий китоблари чоп эттирилган бўлса, мазкур ўқув йилида 10 нафарга яқин ёшларнинг китоблари чоп этилди. Эътиборлиси, яқиндагина мактабдаги 80 нафар ўқувчиларнинг энг сара шеърлари жамланган “38-мактаб баёзи” номли шеърий китоб нашрдан чиқди. Албатта, ушбу саъй-ҳаракатларни кўриб мактаб директори ва тарғиботчининг ишлари таҳсинга лойиқ эканлигига гувоҳ бўласиз.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Н.Раҳматуллаева ҳам ҳар бир жараён билан яқиндан танишар экан, ташаббускорларга таҳсин айтди, Айниқса, мактабнинг фахрли ижодкорлари бурчаги раҳбарнинг эътиборини тортди.
Ижодкорлар билан кечган учрашув давомида фаол ўқувчи ёшлар рағбатлантирилди. Тадбир якунида гўзал куй-қўшиқлар янграб, барчага аъло кайфият улашди.
© Шеробод тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024