ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН-ҲУҚУҚИЙ ДЕМОКРАТИК ДАВЛАТ: ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ, ҚОНУНЧИЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Асосий Қонунимиз жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолати бўлмоқда. Бу эса табиийки, замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди. Айтиш зарурки, айнан Конституциямиз устуворлиги билан мамлакатимизда фуқаролик жамияти ривожланиш чўққисига кўтарилмоқда. Айнан Бош Қомусимизда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилиши, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги, унга қандай асосларда эга бўлганликдан қатъи назар, ҳамма учун тенглиги, фуқароликка эга бўлиш ва уни йўқотиш асослари ҳамда тартиби қонун билан белгиланиши, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши каби бандлар қатъий белгиланган.

Шу жумладан, жамоатчилик назорати, биринчи навбатда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, молия, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, энергетика ва транспорт соҳаларида жорий этилиши зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этгани бор гап. Шунингдек, бозорлар ва савдо мажмуаларидаги маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш сифати каби масалалар ҳам жамоатчилик назоратида бўлаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Бунда, албатта, оммавий ахборот воситалари ҳам қонунийликни қарор топтиришда, айниқса, сўнгги беш йилликда чинакам “жамият кўзгуси”га айланганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Чунки, Конституциямизда ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги, ҳар ким ўзи истаган ахборотини излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустасно эканлиги қатъий белгилаб қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш учун биз ҳаётимизнинг барча жабҳаларида конституциявий назорат кучайтирилмоқда.

Юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш борасида Конституциямиз, қонунлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумеътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрлари қоидаларини амалга ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва бу ҳуқуқларнинг муҳофаза қилиниши юзасидан миллий маърузалар тайёрлаш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича жамоат бирлашмаларига маслаҳатлар бериш, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва муҳофаза қилишнинг турли жиҳатлари юзасидан тадқиқотлар ўтказиш каби вазифалар тегишли ташкилотлар томонидан муваффақиятли адо этиб келмоқда.

Ўзбекистонда қисқа тарихий муддат ичида миллий давлатчиликни шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Мамлакатимиз барча ривожланган ҳуқуқий давлатлардаги каби уч ҳокимиятга, яъни қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига тақсимланди. Халқ фаровонлиги йўлида кучли ҳуқуқий давлатдан фуқаролик жамияти сари илдам қадам қўйиш мақсадида эркин бозор муносабатларига асосланган кучли иқтисодиёт барпо этилди. Шу тариқа, юртимиз халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли ва тенг ҳуқуқли субъектига айланди.

Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларга содиқлигини намойиш қилиш, юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида аввало инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бирламчи вазифалардан саналади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси
О.А.Қодиров