Оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирилган Оила судьялари ташкил этилади

Мамлакатимизда янги ташкил қилинган “Оила судьялари”да оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 32 турдаги фуқаролик ишлари кўриб чиқилмоқда. Бу ўринда, жумладан, алимент ундириш, ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки ундан маҳрум этиш, бола билан кўришиш тартибини белгилаш, оталикни белгилаш, фарзандликка олиш, никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас, деб топиш, никоҳ шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартириш каби оилавий-ҳуқуқий муносабатлар ҳақида сўз бормоқда.

Суд соҳасида янги институт, яъни “Оила судьялари”ни ташкил қилиш этилиши, судьяларнинг оилавий низоларни кўришга ихтисослашуви ушбу йўналиш бўйича малакали мутахассис бўлиб шаклланишига замин яратади, бу тоифа низоларни ижобий ҳал қилишда бой амалий тажриба тўпланади, судьялар алоҳида эътибор қаратган ҳолда ҳар бир оилавий низони чуқур ўрганиш, унинг юзага келиш сабаблари, моҳиятини тўлиқ тушуниб етиш, мухтасар айтганда, фуқаролик ишини атрофлича ўрганиш имконига эга бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, “Оила судьялари” ўзининг ижобий самарасини бериши жамиятимизда тинч ва мустаҳкам оилалар сони кўпайишига хизмат қилади. Қолаверса, мазкур янги институт хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда, ёш авлодни соғлом оилавий муҳитда камол топишида муҳим аҳамият касб этади.

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди раиси
З.Э.Мавлонов