Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар

Шу билан бирга, дунёнинг илғор демократик давлатларида суд ҳужжатларини ижро этиш соҳасида шаклланган тажриба ва амалиёт таҳлили соҳада узоқ муддатли тизимли ислоҳотлар амалга ошириш эҳтиёжи мавжудлигини кўрсатмоқда.

Шунга кўра, мажбурий ижро бюросининг тузилма ва вазифалари мажбурий ижро тизими ривожланишининг замонавий талаблари ва жаҳон тенденцияларига мослаштириш, суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олишга, шунингдек, фуқароларнинг минимал турмуш даражасини таъминлаш учун зарур бўлган пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва янада такомиллаштириш зарурати бўлаётган эди.

Шу боисдан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 03 январь кунидаги ПФ-1-сон Фармони асосида Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Хусусан, «Ўзбекистон — 2030» Стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш орқали одил судлов самарадорлигини таъминлаш мақсадида 2024 йил
1 май кунидан бошлаб суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш (юбориш, тақдим этиш) тартиби жорий этиш белгиланди.

Бунда, ииқтисодий ишлар бўйича суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини фақат электрон шаклда бериш (юбориш, тақдим этиш) тартиби жорий этилиши, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича суд ва маъмурий суднинг ҳужжатлари асосида бериладиган ижро ҳужжатлари, қоида тариқасида, электрон шаклда, ижро ҳужжати Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ижро этилиши лозим бўлган тақдирда ёки тарафларнинг илтимосномасига кўра эса — суднинг муҳри билан тасдиқланган ҳолда қоғоз шаклда берилиши (юборилиши, тақдим этилиши) мумкиндиги, суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро ҳужжатлари QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланган ҳолда электрон рақамли имзо билан расмийлаштирилиши, юридик шахслар томонидан суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатлари ва ижро иши юритиши доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатлар уларнинг солиқ тўловчи шахсий кабинети орқали олинади ва тақдим этилиши, жисмоний шахслар учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки интерактив хизматларни кўрсатадиган терминаллар орқали суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатларини ва ижро иши юритиши доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатларни олиш ва тақдим этиш имконияти яратилиши, фуқаролардан қарздорликлари учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад – белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмига мос келиши белгиланган.

Шунингдек, фуқаронинг банк ҳисобварақларидан, жумладан банк карталаридан ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорлик бўйича пул маблағларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмидаги маблағлар ҳисобидан ушлаб қолиш (ҳисобдан чиқариш) тақиқланди.

Мазкур Фармон асосида мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётини кенг кўламли ислоҳ қилиш, шунингдек, амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш кўзланган.

Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов