ПЕДАГОГ ХОДИМЛАРНИНГ ХИЗМАТ ВАЗИФАЛАРИНИ БАЖАРИШГА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛДИ
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президети томонидан 2023 йил 27 март куни имзоланган “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида” Қонун асосида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши белгиланди.
Хусусан, мазкур Қонунга мувофиқ тўлдирилган Жиноят кодексининг тегишли моддаси асосида таълим ташкилотининг педагог ходимини меҳнатга маъмурий тарзда қайта мажбурлаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланяпти.
Шунингдек, ушбу Қонунга мувофиқ тўлдирилган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари асосида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек, уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш ёки қонунга хилоф равишда аралашиш, таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик белгиланиши, бунда Кодексдаги санкциялар фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши назарда тутилган.
Мазкур нормалар, келгусида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг педагогларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг меҳнатга мажбурланишига, таълим-тарбия жараёнига тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай шаклларига, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўришга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди судьяси
З.Э.Мавлонов